Бошқарувда шахслараро муносабатлар ва уларнинг психологик хусусиятлари

 

 

Шахслараро муносабатлар ва уларнинг психологик хусусиятлари

Инсон ҳаддан ташқари талантли, ақлли ва маълумотли бўлиши мумкин- у, лекин у на касбий соҳада, на оддий ҳаётда етарлича муваффақиятга эришмаслиги мумкин. Бунинг  сабаби нима? Бу саволга шахслараро муносабатлар тўғрисидаги таълимотларни ўрганиш орқали жавоб топиш мумкин. Ҳаёт кўрсатаяптики, кейинги пайтда шахслараро муносабатлар бўйича мавжуд илмий тавсияларга кўпчилик одам мурожаат этмоқда.

Одамлар ўртасидаги муносабатлар – бу (агар қисқа ифодалаш жоиз бўлса) амалга оширилган ва уларга нисбатан жавоб реакцияларидир. Одамлар ўртасидаги муносабатларни ўрганар эканмиз, биз индивид (ёки ташкилот) қандай қилиб бошқа одамлар тўғрисида маълумот олишни, қандай қилиб у бошқа одамларни тушунишга ва улар билан контакт ўрнатишга ўрганишни билиб оламиз.Ҳар қандай мулоқот жараёнида муомала  иш ҳаракат ва унга нисбатан жавоб реакцияси мавжудлигидан келиб чиқиб шахслараро муносабатларни ташкил этар эканмиз, бунда қуйидагича 4 та вариантни кўрамиз:

1.       Биз конкрет битта одам, бир нечта ёки кўпчилик одамлар томонидан маълум бир жавоб реакциясини олиш учун бирон-бир иш ҳаракатни амалга оширишимиз мумкин.

2.       Бизнинг иш ҳаракатларимиздан биттасига жавоб реакцияси салбий бўлишини била туриб, унга нисбатан ижобий, жуда бўлмаганда нейтрал жавоб реакциясини олиш мақсадида бу иш ҳаракатимизни ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз мумкин.

3.  Маълум бир шароитда бошқача ҳатти-ҳаракат қилолмаслигимизни (ёки ҳоҳламаслигимизни) билар эканмиз, ҳатти-ҳаракатимизга нисбатан салбий жавоб реакцияси муқаррар эканлигини ҳам биламиз. Бундай ҳолда биз мулоқотга киришаётган одамимизга нима учун биз шундай қилишга мажбур бўлганимизни тушунтиришмиз керак. шунда биз ижобий жавоб реакцияси ололмасак ҳам жуда бўлмаганда нейтрал жавоб реакцияси оламиз.

4.       Ниҳоят биз (ёки орамиздан кимдир): “Мен ўзим қандай ҳоҳласам, шундай ҳатти-ҳаракат қиламан, менинг хулқ-атворимни қабул қилиш ёки қилмаслик бу сизларнинг ишингиз” – дейишимиз мумкин.

5.       Маълум шароитларда ушбу тўртта вариантдан биттасини танлар эканмиз, шу тарзда онгли ёки онгсиз ҳолда биз ўз имиджимизни пайдо қиламиз.

Ҳар биримиз маълум бир имиждан фойдаланамиз ва уни бошқа одамларга намоён қиламиз. Айрим одамлар бошқа одамларда ўзи ҳоҳлаган таассуратни пайдо қилиш учун ўз образини онгли равишда шакллантирадилар, бошқалар эса бундай қилмайдилар. Аммо, одам бир шароитда намоён қилган имиджи (образни) бошқа шароитда ҳам худди шундай намоён этавермайди. Масалан: одамнинг кўчада ёки ўз ходимлари билан мулоқотда ўзини намоён қилиши билан ўз уйида ўзини намоён қилиши ўртасида тубдан фарқ бўлишини ҳам унутмаслигимиз керак. Баъзида эркак тўғрисида “кўча хандон, уй зиндон” қабилида баҳо беришимизда ҳам асос борлигини билишимиз зарур. Албатта бз турли шароит ва ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда ўзимизни турлича тутишимиз ва намоён этишимиз табиий. Чунки шароит ва ҳолатдан келиб чиқсак, ўзимизни шундай тутишимиз мақсадга мувофиқ. Биз бошқаларни идрок этар эканмиз, энг аввало одамларнинг ташқи ифодаланадиган жиҳатларини кўрамиз.

Унда одамнинг табиатини белгилаб берадиган унинг ички жиҳатлари қандай, уларни билиш мумкинми деган савол туғилади.

Яна шу хусусият эътиборлики, инсон шахснинг ҳар бир хусусияти унинг атрофдаги одамлар қандай ҳатти-ҳаракат қилишиларига, улар қандай юришлари, кийинишлари, гапиришлари, тинглашларига боғлиқ равишда уларнинг таъсири остида шаклланади. Бундай ёндашув маълум маънода тўғри. Чунки биз ўз атрофимиздагиларнинг кийинишига, нима кийишлари ва ўзларини қандай тутишларига қараб уларни тушунамиз. Бу маълумотлар бизнинг кейинги ҳаётимиз, иш фаолиятимизда жуда муҳим бўлиши мумкин. Чунки ушбу маълумотларга асосланган ҳолда биз бирга ишлайдиган одамларимиз, раҳбаримиз, ходимимиз, отамиз, онамиз, турмуш ўртоғимиз билан ўзаро муносабатларимизни ташкил этамиз. Демак, бошқа одамлар билан ўзаро муносабатларга киришишгаўрганиш ҳар биримиз учун жуда муҳим.

Одамнинг шахслараро муносабатлар доирасидаги яхши ҳатти-ҳаракатлари унинг тўғри ташкил қилинган мулоқоти туфайли одамлар томонидан баҳоланади. Демак, бу ерда мулоқот асосий нарса ҳисобланади. Уйлаб кўрайлик, биз барчамиз ўз ҳиссиётларимизни ўзимиз яхши кўрадиган одамга кўрсатишимиз керак, муваффақиятлармизни ўзимиз маъқуллаш олишни ҳоҳлаган одамимизга кўрсатишимиз, фикрларимизни фикри биз учун қимматли бўлган одамга айтишимиз керак. Лекин, шуни унутмаслик керакки, биз буни тўғри амалга оширишимиз зарур. Тасаввур қилинг, сиз ёш бола ва қария билан, ходимингиз ва харидор билан бир хил тилда гаплашмайсиз - ку.

Сиз ўзингизни, ўз қадриятларингизни, талантингизни, малакаларингизни, ўз фазилатларингизни яхши билишингиз мумкин. Аммо, уларни мувоффақиятингизни уларнинг яхши муносабатига боғлиқ бўлган одамларга ифодалай олмасангиз, кўрсата олмасангиз бирон бир нарсага эришиш имкониятларингиз жуда кам бўлиши табиий. Агар сиз ўз  афзалликларингизни намоён қилмасангиз ва кўрсатмасангиз, сиз ўзингизнинг қобилиятларингизни сир сақлаган бўласиз. Бу эса сиз тўғрингизда бошқа одамлар ҳеч нарса билмаслигига ёки сизни тушунмасликларига олиб келади. Бу эса уларга сизга тааллуқли бирон бир қарор қабул қилишларига ҳалақит бермайди.  Ҳатто улар шароитни билмасалар ёки тушунмасалар ҳам,  сиз бу шароитда етакчи  мавқедамисиз ёки пастроқ мавқедамисиз буни билмасалар ҳам бу уларга сиз ҳақингизда фикр билдиришларига  ёки сизга нисбатан бирон бир ҳатти-ҳаракат амалга оширишларига ҳеч ҳам ҳалақит қилмайди. Демак, сиз ҳақиқатан ҳам шахслараро муносабатларга жалб этилгансиз. Шу билан бирга сиз уларни доим амалга оширасиз. Бу шахслараро муносабатлар мулоқотга киришишни тақоза этадики, бу жараёнда инсон шахс сифатида шаклланади ва ўзини намоён қилади.

Мулоқотга бўлган эҳтиёж одамнинг асосий эҳтиёжлари туркумига киради. Мулоқот - –у иккита ёки бир нечта одамларнинг ўзаро таъсиридан иборат бўлиб, у асосан билиш ва эмоционал баҳоловчи характердаги маълумотларнинг алмашинувидан иборатдир.

Мураккаб кўп қиррали мулоқот жараёни:

§      Хулқ атворнинг маълум бир намуналари ва моделларини шакллантиришни;

§      Одамларнинг ўзаро ҳаракат қилишини;

§      Одамларнинг бир-бирларига ўзаро таъсирини;

§      Маълумотлар алмашинувини;

§      Одамлар ўртасида муносабатлар шаклланишини;

§      Одамларнинг бир-бирларини ўзаро ҳис қилишликларини ва тушунишларини;

§      Одамнинг “ички” мени образини шаклланишини ўз ичига олади.

Мулоқот турли туман вазифаларни бажаради ва шунга асосан улар классификация қилинади. Ўзаро боғлиқ учта томонни ҳисобга олган ҳолда мулоқот функциялари қуйидаги турларга ажратилади:

-  Перцептив томони- мулоқот жараёнида одамларни бир – бирларини идрок этиши ва тушуниши;

-  Коммуникатив томони – информациялар алмашинуви жараёни;

-  Интерактив томони – мулоқотда одамларнинг ўзар таъсири жараёни.

1.       Мулоқотнинг перцептив функцияси асосида бошқа одамни, шу жумладан мулоқот шеригини идрок қилиш ва тушунишаётган бўлиб, у инсон психикасини эмоционал соҳасини тартибга солиб туришига (регуляция қилишга) йўналтирилган. Чунки мулоқот одамнинг эмоционал ҳолатларининг муҳим белгилаб берувчиси ҳисобланади. Махсус инсоний ҳиссиётларнинг барчаси одамларнинг мулоқоти шароитида пайдо бўлади ва ривожланади, яъни, ё эмоционал ҳолатларнинг яқинлашуви, ё уларнинг қутбларнинг ажралиши, ё ўзаро кучайиши ёки сусайиши амалга ошади.

2.       Мулоқотнинг коммуникатив функцияси ўзаро таъсир қилувчи индивидлар ўртасидаги турли кўринишлардаги информация алмашинувидан иборат. Инсоний мулоқотда информация алмашинуви ўзига хос хусусиятгаэга: бу жараён ҳар бир фаол субъект ҳисобланган иккита  индивид ўртасида амалга ошади; у албатта шерикларининг фикрлари ҳиссиётлари ва хулқ атвори ўзаро таъсирини назарда тутади.

3.       Мулоқотнинг интерактив функцияси хулқ-атворни тартибга солишдан ва одамларнинг ўзаро таъсири жараёнида ҳамкорликдаги фаолиятни бевосита ташкил қилишдан иборат. Бу жараёнда одам ўз шериги фаолиятининг мотивларига, дастурларига, унинг қарор қабул қилишига ҳатти-ҳаракатларини бажариши ва назорат қилишига, ҳатто хулқ-атворини биргаликда қўзғатиш ва коррекция қилишига таъсир кўрсатиши мумкин.

Дж.Рокфеллер ишбилармонлик фаолиятида мулоқотнинг аҳамиятини яхши тушунган ҳолда: “одамлар билан мулоқотга кириша олиш малакаси худди қанд ёки кофега ўхшаган, пулга сотиб олинадиган тавордир. Мен дунёдаги ҳар қандай товардан кўра ушбу малакага кўпроқ пул тўлашга тайёрман”, - деган эди.

Мулоқотга кира олиш кўникмаси ўзи нима? Бу – демак одамларни фарқлай олиш ва шу асосида улар билан ўзаро муносаабатларини кўриш дегани, бу эса мулоқот психологиясини билишини тақоза этади. Мулоқот жараёнида одамлар бир-бирларини идрок этадилар,маълумотлар алмашинадилар ва ўзаро таъсир кўрсатиб ҳаракат қиладилар.

Мулоқот жараёнида бир-бировни идрок этиш ва тушуниши

Мулоқот идрок жараёнида мулоқот шериги тўғрисида шаклланадиган тасаввур билан белгиланади.

Идрок жараёнининг мураккаблиги шундаки, одамни информацияларни қайта ишлаш қобилияти чексиз эмас. Мулоқот шеригининг образи шаклланиши жараёнида одам кўпинча у тўғрисида маълум миқдордаги узуқ-юлуқ информацияларга дуч келади ва уларни кўпгина эмоционал ҳамда психологик омилларни ҳисобга олиб баҳолайди. Эҳтимолдан ҳоли эмаски, у ўзининг тасаввурларига мос келадиган ва ўз мақсадларига кўпроқ тўғри келадиган маълумотларни эътиборга олади.

Бундан ташқари идрок жараёнини хато хулосалар ҳам бузиши мумкин. Информация етарли бўлмаган ҳолатда одам ўз сўҳбатдоши тўғрисидаги хулосаларни ўзи билиб улгурган кам миқдордаги маълумотларга таяниб кўради, унинг тасаввури шакллангач эса, кейин қўшимча олинган маълумотларни инобатга олмайди.

Мулоқот шериги тўғрисидаги ушбу тўғри ёки ёлғон хулосаларнинг муҳимлиги шундаки, улар бўлғуси ўзаро муносабатларнинг асосини ташкил этадилар ва одамларнинг ўзаро муносабатларига ўз таъсирини кўрсатишлари мумкин.

Одамнинг уни бошқа одамлар қандай идрок этишлари тўғрисидаги тасаввури одамнинг хулқ-атворини маълум даражада белгилаб беради

Одамларни баҳолаш ва улар тўғрисида тўғри образни шаклланишининг мураккаблиги атрофдагилар биз тўғримизда олмоқчи бўлган информацияларни онгли равишда бузиб кўрсатишга ва информацияларни доимо назорат қилишга интилишимизга ҳам боғлиқ. Одам, одатда ўзи қандай бўлса шундайлигича эмас, у қандай кўринишини ҳоҳласа худди шундай ўзини намоён қилади.

Ўзаро тушунишда одамнинг “очиқлиги” яъни бошқаларга нисбатан ҳаққоний ва табиий бўла олиш катта аҳамият касб этади.

Одамнинг ўзи тўғрисидаги нотўғри тасаввури мулоқотда жуда кўп психологик тўсиқларни пайдо қилади, информацияларни, бошқаларнинг фикрларини  рад этишга олиб келади, булар барчаси охир-оқибат низони хулқ-атворга сабаб бўлиши мумкин.

Шахснинг ўзи тўғрисидаги адекват тасаввури шаклланишининг шарти бу ўз хулқ-атворини бошқа одамлар нуқтаи-назаридан идрок қилиш ва таҳлил қилиш, бунда бошқа одамларнинг қайтарма алоқа йўли билан олинган фикрларини таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Мулоқотимиз биз ким билан мулоқотга киришимизга боғлиқ ҳолда сезиларли фарқли равишда тузилади. Бундай фарқ мулоқот шеригимизнинг характеристикасига боғлиқ. Мулоқот шеригини бирон-бир гуруҳга мансуб қилиш билан боғлиқ характеристикалар етарлича аниқ идрок этилади. Бошқа белги ва хусусиятлар эса маълум схемаларга асосан оддийгина қўшиб қўйилади, айнан шу ерда хатолар эҳтимоли намоён бўлади. Идрокнинг бу хатолари айрим омиллар: устунлик, жозибадорлик ва бизга нисбатан муносабат омилларига боғлиқ.

Мулоқотга киришувчи одамлар тенг эмаслар: улар ўзларининг ижтимоий мавқелари, ҳаётий тажрибалари, ақлий имкониятлари ва шу кабилари билан фарқ қиладилар. Шериклар тенгсизлигида кўпинча идрокнинг тенгсизлик хатоларига олиб келадиган схемаси қўлланилади. Бу хато психологияда устунлик омили деб ном олган.

Биздан бирон-бир муҳим кўрсаткич бўйича устун одам билан учрашганимизда биз уни ўзимиз билан тенг бўлган ҳолатдагига қараганда ижобийроқ баҳолаймиз. Агар биз ўзимиз бирон-бир хусусиятга кўра ундан устун одам билан учрашсак, уни етарлича баҳоламаймиз. Шу билан бирга устунлик бирон-бир ўлчамга асосан қайд қилинади, юқори баҳолаш (паст баҳолаш) эса кўпчилик ўлчамларга асосан амалга оширилади. Идрокнинг бу схемаси ҳар қандай тенгсизликда эмас, фақатгина биз учун муҳим, аҳамиятли тенгсизликда ишлай бошлайди.

Одамни идрок қилишда жозибадорлик омили таъсири шундан иборатки, унинг таъсири остида одамнинг қандайдир бир сифатлари бошқа одамлар томонидан юқори баҳоланади ёки паст баҳоланади. Бу ерда хато шундаки, агар одам бизга (ташқи жиҳатдан) ёқса, айни вақтда биз уни ақллироқ яхшироқ, қизиқарлироқ ва шу сингари тарзда ҳисоблашга мойил бўламиз, яъни унинг кўпчилик шахсий сифатларини юқори баҳолаймиз

Бизга нисбатан муносабат омили қуйидагича ҳаракат қилади: бизга яхши муносабатда бўлган одамлар бизга ёмон муносабатда бўлган одамлар бизга ёмон муносабатда бўлган одамларга нисбатан юқори баҳоланади. Бизга нисбатан муносабат шеригимизнинг биз билан муросага келганми ёки келмаганлилигига қараб баҳоланади.

Психологлар тадқиқотларидан  маълум бўлдики, бегонанинг фикри шахсий фикримизга қанчалик яқин бўлса, бу фикрни айтган одамнинг баҳоси шунча юқори бўлган. Бу қоида тескари кучга ҳам эга: кимки қанчалик юқори баҳоланган бўлса унинг қарашлари ўзимизнинг қарашларимиз билан шунчалик ўхшаш деб ҳисобланган

Шахслараро мулоқот жараёнида одамларни идрок этиш ва тушуниш идентификация, эмпатия ва рефлексия каби психологик механизмларга асосланади.

Бошқа одамнинг тушунишнинг энг содда йўли идентификация-ўзимизни бошқа одамга ўхшатиш орқали амалга оширилади. Идентификация ҳолатида одам гуёки ўзини бошқа одамнинг ўрнига қўяди ва шундай шароитларда ўзи қандай йўл тутган бўлишини аниқлайди.

Идентификацияга яқин бўлган яна бир механизм эмпатия-ҳислар асосида тушуниш, бошқа одамнинг муаммоларига эмоционал тарзда муносабат билдиришга интилиш. Бунда бошқа одамнинг шароити фикрлабгина қолмасдан, балки ҳис қилинади. Эмпатик тушунишни кўпчиликка нисбатан амалга ошириб бўлмайди, чунки у психика учун оғир босим ҳисобланади.

Бир-бировни тушуниш жараёни рефлекция жараёни билан боғланган. Рефлекция бу ҳаракат қилаётган индивид томонидан ўзининг мулоқот шериги томонидан қандай идрок этилаётганликларини англашдир. Бу нафақат бошқа билиш балки, бошқа одам мени қандай тушунаётганлигини билиш, яъни гуёки кузгуда иккиланган акс этишдир.

 

 

Мулоқот коммуникация сифатида

Мулоқот-бу энг аввола мулоқот иштирокчилари учун аҳамиятли бўлган информациялар алмашинувидир

Мулоқотнинг барча воситалари иккита катта гуруҳ: Вербал (нутқий) ва новербал (нутқий бўлмаган) востиаларга ажаратилади. Кўпчилик олимларнинг фикрига кўра суҳбат жараёнида нутқий мулоқот 35% дан кам қисмини ташкил этган ҳолда, 65% зиёд информация новербол воситалар ёрдамида узатилади. Нутқий (вербол) коммуникация орқали тоза информация узатилади. Новербаол коммуникация бўийча эса- мулоқот шеригига бўлган муносабат узатилади.

Одамнинг новербал хулқ-атвори унинг психик ҳолати билан чамбарчас боғланган  ва уларни ифодалаш воситаси бўлиб ҳисобланади. Новербал хулқ-атвор асосида шахснинг ички дунёси очилади. Мулоқот ҳамкорликдаги фаолиятнинг психик мазмуни шаклланиши амалга оширилади. Одамлар ўзининг нутқий (вербал) хулқ-атворини ўзгараётган шароитларга тезда мослаштириб олишлари мумкин, лекин тана тили (новербал намоён бўлиш) кам ўзгарувчандир.

Мулоқотнинг новербал воситаларига тананинг барча ҳаракатлари, овознинг интонация характеристикаси, тактил таъсир, мулоқотнинг макондаги ташкил этилиши кабилар киради.

Новербал мулоқотда энг муҳимларидан бири кинесик воситалар-бошқа одамнинг мулоқотда ифодаловчи регулятив вазифани бажарувчи кўриш орқали идрок этиладиган ҳаракатларидир. Буни мимика, гавда ҳолати, имо-ишора, нигоҳ юришда намоён бўладиган ифодаловчи ҳаракатлар киради. Информация узатишда асосий ролни мимика бажаради. Тадқиқотлар кўрсатишича суҳбатдошнинг юзи ҳаракатсиз бўлса ёки уни кўрмасангиз 10-15% информация йўқотилар экан.

 Мимика билан нигоҳ ёки визуал контакт жуда чамбарчас боғлиқ. Кўз ёрдамида одамнинг ҳолати тўғрисида энг аниқ сигналлар узатилади, чунки кўз қорачоғининг кенгайиши ва торайиши онгли назоратга бўйсунмайди.

Одамнинг юз ифодаси гавда ҳаракатларига қараганда кўпроқ онгли равишда назорат қилиб турилади. Шунинг учун ҳам тана кўпроқ информатив ҳисобланади. Гавданинг турли позалари турлича информацияларни ифодалайди. Масалан, ёпиқ позалари (тикга турган ҳолатда наполен позаси; кукракда қўллар қовуштирилган ҳолат, ўтирган ҳолатда, иккита қўл йиакка тиралган ҳолат) ишончсизлик, норозилик қарши ҳаракат, танқид сифатида идрок этилади.

Очиқ позалар эса (тикка ҳолатда, қўллари кафтлари юқорига қараб очилган, ўтирган ҳолатда қўллар эркин ташалган, оёқлар узатилган) ишонч, розилик, хаирихоҳлик, психологик комфорт сифатида идрок этади. Одамнинг қадам ташлашаига қараб унинг эмоционал ҳолатини осанликча билиб олиш мумкин. Масалан. Ғазаб ҳолатида энг оғир қадам ташланади, хурсандчиликда-энг енгил қадам, қийиналаётган пайтда – бўшашган ғамгин қадам, мағрурланиш ҳолатида – қадамлар узинлиги энг катта бўлади.

Нутқнинг ритмик интонацион томонлари, паузалари, йиғи, ютал, кулгу ва бошқалар нутқий мулоқотнинг ўрнини босиши ёки унинг таъсир  кучайишига ёрдамлашиши мумкин. Психологик жиҳатдан яхши тайёргарликга тайёр одам у ёки бу жумлани қандай ифодаланганлигига қараб одам томонидан қандай ҳаракат қилинишини аниқлаш мумкин.

Новербал мулоқот воситалари орасида қўл сиқиш, елкага уриб қўйиш каби ҳаракатлардан маълум мазмун касб этади. Биз воситалардан қандай фойдаланиш ва уларнинг характери мулоқот шериги  мавқега, ёшига, жинсига, танишлик муддатига, маданий ва миллий хусусиятларига бевосита боғлиқ.

Қўл сиқиш қандай амалга оширилишига қараб у устунликни (қўл юқоридан узатилади, кафт пастга қараган), тобеликни (қўл пастдан узатилади, кафт юқорига қараган) ва тенг ҳуқуқликни ифодалаш мумкин. Мулоқот ҳар доим фазовий ташкил қилинади. Фазовий улчамлар орасида мулоқотга киришувчилар  орасидаги масофа муҳим аҳамият касб этади.

Америкали олим Э.Холл мулоқотга киришувчилар орасидаги масофаларни ўрганиш натижасида бир-биридан фарқ қилувчи қуйидаги тўртта оралиқ масофани таклиф этади.

-интим масофа ( 0-45 см) –энг яқин одамларнинг мулоқоти;

-шахсий (45-120 см) –таниш одамлар билан мулоқот;

-ижтимоий (120-360 см) – кўпроқ бегона одамлар билан мулоқот ва расмий мулоқот

-оммавий (360- ва ундан юқори) – турли хил аудиториялар олдида чиқишлар.

Суҳбатдошларнинг стол атрофида қандай жойлашганликлари ҳам мулоқот характерини белгилаб беради.

Мулоқот жараёнида нафақат эмоционал ҳолатлар узатилади, балки информация узатилади. Информация мазмуни вербал ва нутқий шаклда узатилади. Информацияни узатиш жараёнида унинг мазмунида қисман йўқотишлар содир бўлади.

Фикр уйланилди, нутқий шаклга эга бўлди (100%) - айтилди  (80%) – эшитилди (70%) – тушунилди (60%) – хотирада қолди (24%).

Ушбу схемага мувофиқ бирламчи фикрнинг 4 дан 1 қисми эсда қолиши аниқ бўлишига қарамасдан одамлар барибир бир бирларини тушунадилар. Информацияни тушуниш коррекция қилиб турилади, чунки мулоқот бу фақатгина информация узатиш эмас балки информация алмашинуви бўлганлиги сабабли қайтарма алоқа ҳам ўзаро тушунишда муҳим рол  уйнайди.

Нутқий мулоқотда гапириш кўникмаси яъни, нотиқлик саноати муҳим ҳисобланади, чунки ўз фикрларини аниқ шакллантира олиш уларни суҳбатдош учун тушунарли тилда ифодалаш мулоқот жараёнида суҳботдошларнинг ҳатти ҳаракатларига эътибор бериш, информацияни суҳбатдош томонидан тўғри тушунилишини  таъминлаб беради.

Агар айтиладиган фикрлар суҳбатдошга   йўналтирилган бўлмаса, у манолог шаклида бўлади. Манолог тарздаги мулоқотда бошланғич информациянинг 50% гача баъзи ҳолларда 80% гача йўқотиш бўлиши мумкин.

Мулоқот мувофаққияти фақат гапира олиш қобилиятига эмас, суҳбатдошнинг тинглай олиш қобилиятига ҳам боғлиқ. Тинглай олмаслик-самарасиз мулоқотнинг асосий сабаби айнан шу нарса тушунмовчиликларга хоталарга ва муаммоларга олиб келади. Коммуникатив малакаларнинг шаклланиши вақт ва сабр чидамни талаб қилади.

Шахсни ўраб турган одамлар ва улар билан ўзаро муносабатлар хусусиятлари

Сиз муносабатда бўладиган ҳар бир одам бу ўзига хослик, шу билан биргаликда у маълум бир ижтимоий гуруҳ вакили сифатида намоён бўлади, шунинг учун ҳам у ўз хулқ-атворида ушбу гуруҳга хос хусусиятларни акс эттиради. Нима учун биз улар тўғрисида билишни ҳоҳлаймиз? Чунки уларнинг ҳар бири индивид ёки гуруҳ аъзоси сифатида кўп нарсалар тўғрисида, шу жумладан, сиз тўғрингизда ҳам фикрга эга.

Ҳар биримиз ўз фикримизга эгамиз. Индивидуал фикрлар жамланмасига қўшилган, ва худди шу тарзда бошқалар томонидан қабул қилинган фикрлар ижтимоий фикрга айланади. Одамларнинг маълум қисми томонидан қабул қилинмайдиган фикр оппозициянинг юзага келишига ва низо пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Энди ўзингиз тўғрингизда ўйлаб кўринг. Сизнинг фикрингизга боғлиқ равишда низоли вазиятда ким томонда бўлишни танлаш жуда оғир кечиши мумкин, эҳтимол, сиз бетараф бўлиб қолишни ҳоҳларсиз.

Бирон-бир муҳим масала бўйича “ёқлаб” “қарши” овоз бераётган одамларни кузатинг. Сиз у ёки бу томонни қўллаб-қувватлаётгандирсиз, лекин жуда бўлмаганда бошқа одамлар олдида ишхонада, жамоат жойлаарида бетараф қолишга ҳаракат қилинг. Агар раҳбарингиз бу масалани ёқлаётган бўлса-ю, сиз қарши бўлсангиз у билан бу масала бўйича тортиши ноўрин, шундай эмасми? Айниқса, ушбу муҳим масала бўйича раҳбарнинг фикрини ўзгартиргандан кўра лавозим поғонасида кўтарилиш сиз учун муҳим бўлса.

Бу шароитда мулоқот соҳангиз ичида кимнинг фикрини эътиборга олиш зарур? Кимнинг низолашувчи фикри ва реакцияси сизга эмоционал, жисмоний ва молиявий таъсир кўрсатиши мумкин? Мумкин, у билан келишиши керакдир, жавобдан қочиш ёки жуда бўлмаганда таклиф этилган тортишувда одамлар кўз ўнгида бетараф бўлиб қолиш керакдир? Бу саволга фақат сиз ва фақат барча ҳолатларни баҳолаб ва ҳаракатларингизнинг эҳтимоли бўлган натижаларини баҳолаб бўлганингиздан кейингина жавоб беришингиз мумкин.

Одатда, одамлар ўзлари яхши кўрадиган ва ўзлари ёмон кўрадиган нарсаларига нисбатан жўшқин ҳиссиёт намоён қиладилар. Демак, одам унисигаям, бунисигаям эга бўлса-яъни эришиш учун кўрашадиган нарсаси ва қарши  кўрашадиган нарсаси бўлса у ўзини тўлиқ бахтли ҳисоблайди.

Биз кимнидир меҳри ёки нафрати объекти бўлишини ҳоҳлаймизми? Ҳеч биримиз латта хушамадгўй, ҳамма нарсага тайёр, лаганбордор, бошқаларни хафа қилишдан қурқувчи, ҳар бир одам учун ёқимли бўлишини ҳоҳловчи бўлишига интилмаймиз-ку. Шу билан бирга ҳеч биримиз ғалаба биз учун жуда қиммат бўладиган шароитда кўрашишга интилмаймиз.

Бу оддий кўриниши мумкин, лекин ҳар бир жангда ғолиб ва мағлуб бўлади. Кураш (фикрига қўшилмаслик ёки хатто қизғин дискуссия) потенциал портлаш хавфи бўлган масала юзасидан бўлмаслиги керак. Дискуссияни энг оддий (содда) масала юзасидан олиб бориш мумкин. Айнан шундай масалаларни афзал кўринг. Сиз мулоқотингизда ўзининг ноҳақ эканлигини умуман қабул қила олмайдиган одам билан учрашиб қолишингиз мумкин. У сизга қачондир фойдаси тегадиган кабдошингиз бўлиши мумкин. Ёки у сизга аллақачон керак бўлган бошлиғингиз бўлиши мумкин. Айниқса тортишув предмети жуда принципиал масала бўлмаса.

Бу ерда нимани ютиш мумкин? Аксинча, бу ерда нимани йўқотиш мумкинлигини тушуниш анча муҳимроқ.

Бу ерда гап сизнинг ҳақ ёки ноҳақ бўлишингиз тўғрисида бораётгани йўқ. Сиз ўз касбдошингизга ёки бошлиғингизга уларнинг ноҳақ эканлигини исботловчи одамга айлангангиз йўқми? У ўзининг ноҳақлигини англар экан, сизга нисбатан онгли ёки онгсиз норозилигини намоён  қилмасдан яшай олмаса керак. шундай одамларга дуч келар экансиз, ичингиздан: “Дўстим сен ноҳақсан. Вақти келади, буни ўзинг англайсан. Ҳозирча ҳақман, деб ўйлайқол”-деган фикрни ўтказинг.

Ижтимоий  фикр бу-бир умрга қотиб қолган нарса эмас. Агар жамиятда бирон-бирҳатти-ҳаракат туфайли силкиниш содир бўлса ижтимоий фикр ўзгариши мумкин. Ижтимоий фикр аста-секин ўзгара боради.

Биз жуда кўпчилик одамлар билан мулоқотга киришамиз. Агар бирон-бир ташкилот раҳбари мисолида кўрадиган бўлсак,  у ўз муовинлари билан бўлинмалар бошлиқлари билан ходимлар билан ташкилоти билан алоқа қиладиган ташкилотлар рааҳбарлари ва ходимлари билан чет эллик меҳмонлар билан ҳокимият вазирлик рааҳбарияти ва  ходимлари билан айтиш мумкинки, бутун бир жамоатчилик билан мулоқотга киришади. Раҳбар билан мулоқотга киришадиган қатламлар вакилларининг фикрлари, қарашлари ҳар доим ҳам уники билан мос келавермаслиги мумкин. Чунки ҳар бир ижтимоий қатлам вакиллари ўзининг қизиқишларига эга. Бу қизиқишларнинг ўзаро мос келмаслиги низоли вазиятларга олиб келади. Бизнинг асосий вазифамиз – ушбу низоли вазиятларни юзага келтирмаслик. Бундай низоларда: мен учун энг яхшиси нима, биз учун энг яхшиси нима, улар учун энг яхшиси нима каби қизиқишлар кесишади. Одатда одам “мен учун энг яхшиси нима ва у менинг ҳаётимга ва молиявий манфаатларимга қандай таъсир кўрсатади” деган фикрга асосланади. бундай ҳолаатда биз уулар қандай одамлар бўлишидан қатъий назар атрофимиздаги одамлар тўғрисида етарлича маълумотга эга бўлишимиз керак. сизнинг атрофингиздагилар доирасига кимлар киради? Бу саволга фақат сиз аниқ жавоб беришингиз мумкин.


Одамлар билан мулоқотга киришиш ва унинг ўзига хос талаблари.

Агар сиз суҳбатдошингизни бирон-бир ҳодиса тўғрисида огоҳлантириб қўймаган бўлсангиз ва бу  тўғрида ҳеч нарса билмаса, сиз унга қандайдир эътирозлар беришга ҳақли эмассиз. Агар сиз нимадир айтсангиз, суҳбатдошингиз эса сўзларингизда сиз назарда тутмаган нарсани тушунган бўлса, яна сиз уни айблай олмайсиз. Биз оладиган маълумотларимиз шундай шакллантирилганки, улар бизни нимададир ишонтиришга, ниманидир ўзгартиришга, бизга таъсир кўрсатишга йўналтирилган. Биз тўғри мулоқот усулларига асосланамиз ва ўз навбатида олган маълумотларимизга жавобан тушунишни яхшилашга ва қўллаб-қувватлашга эришишга ёрдам берадиган маълумот қайтарамиз. Мулоқот биз жамиятдан оладиган ҳамма учун бир хил меъёрлар асосида қурилсада, уни кенг тарқалган фикрга қарши амалга ошириш жуда қийин. Ҳақиқатан ҳам биз айтган фикрларимизни бошқа одамлар қандай идрок этишини, бу фикрлар уларнинг онгида қандай ўзгаришларга дуч келишни, биз айтган нарсаларда улар қандай мазмуни кўраётганликларини яхши тасаввур эта олмаймиз.

Барибир бизда мулоқотга киришишга эҳтиёж ва хатто кучли зарурият бор. Сизнинг дўстоналигингиз, сизнинг муносабатингиз, сизнинг тушунишиингиз ва фикрлаш қобилиятингиз- сиз томонингиздан бирон нарса ёзилганми ёки гапирилганми, ёзилмаганми ёки гапирилмаганми, одатда бошқа одамларга сезилади. Одамлар  бари-бир билиб  олишади. Сизни билиб олишлари қуйидаги тўртта канал орқали амалга ошади:

1.     Сизнинг қандай кўринишингиз

2.     Сизнинг қандай ҳаракат қилишингиз

3.     Сизнинг қандай гапиришингиз

4.     Сизнинг қандай ёзишингиз

Агар биз тўғри мулоқотга кириша олганимизда эди, агар ҳар биримиз ҳар қандай хабарга нисбатан яхши муносабатда бўла олганимизда эди, олдиндан белгиланган фикрлардан интилишлардан, бидъатлардан ва мойилликлардан озод бўлганимизда эди, дунёдаги муаммолар камроқ бўлган бўлар эди. Бахтга қарши бундай эмас. Демак, биз мулоқот жараёнида пайдо бўладиган ҳар қандай жиҳатларни ва хусусиятларни таҳлил қилишга, маълумотларни ўзатиш ва қабул қилишда тўқнаш келишимиз мумкин бўлган ички хавфлардан ўзимизни ҳимоя қилишга доимо интилишимиз керак.

Мулоқот – бу бизнинг ҳиссиётларимизга даҳлдор кучли механизмидир. Хатто индамаслик ёки ҳаракатсизлик ҳам мулоқотдир. Фикрларингизни ҳеч ким бузиб кўрсатишларини ҳоҳламаган булар эдингизку?

Коммуникация жараёни-бу турли воситалар ёрдамида ғояни битта одамдан ёки одамлар гуруҳидан бошқа одамга ёки одамлар гуруҳига узатиш жараёнидир. Ғоя муаллифи бу маълумотларни маълум воситалар ёрдамида бошқа одамларга узатишга ҳаракат қилади. Агар сиз информацияни қанақа аудиторияга мўлжаллаётганингизни, бу бир одамми ёки кўпчилик бўлишини билсангиз, маълумотни қабул қиладиган одамнинг дидини билсангиз, сиз муваффақиятга эришишни кутсангиз бўлади.

Энди сиз хабарни шундай упаковка қилишингиз керакки, уни сиз ҳоҳлаганингиздек қабул қилиб олишлари ва идрок этишлари мумкин бўлсин.

Аслида буни қилишдан кўра айтиш осан. Бир хил маълумотни қабул қилган турли хил қабул қилувчилар бир-биридан бир мунча фарқ қиладиган ёки ҳатто тубдан фарқ қиладиган хабарларни олишлари мумкин. Бу кўпинча қабул қилувчини субъектив идрокига, олдиндан нимани белгилаб олганига, қизиқиб муносабатда бўлишига олдиндан белгиланган фикрига, олдиндан нимага ишонганлигига, шунингдек, маълумотни узатувчи ва қабул қилувчилар ўзаро қандай муносабатда эканликларига боғлиқ. Хатто бирон-бир янги кийган кийимингиз кимдир дидингизни яхшилиги сифатида баҳолаш, кимдир хавас қиладиган экстравагантлик деб қараш, кимдир сизнинг иқтисодий жиҳатдан имкониятларингиз кўрсаткичи сифатида баҳолаш мумкин.

Сиз ўз ғояларингиз, фикрларингиз ёки тушунчаларингизни бошқаларга узатиш учун қандай восита танлашингиздан қабул қилувчининг қандай ҳисларига таъсир кўрсатишини ҳоҳлашингиздан қатъий назар учта нарсага эътибор қаратишингиз керак:

-“қабул қилувчи”ни билишингиз керак;

- бир тилда гаплашиш керак;

- қабул қилувчининг қизиқишлари ва қадриятларини, унинг мақсадлари, олдиндан белгиланган фикрлари ва кутишларини билишингиз керак.

Озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқарадиган ташкилот истеъмолчиларнинг кенг доирасида синовдан ўтказилган маҳсулот ишлаб чиқарган.

Бу маҳсулот маълум бир миллий гуруҳда жуда оммавийлашган. Шуларни инобатга олиб ушбу маҳсулот катта миқдорда ишлаб чиқарила бошлаган. Лекин, натижа жуда ёмон тус олгган маҳсулотни ўша миллий гуруҳ вакиллари хатто баҳоси қиммат бўлмасада умуман сотиб олмай қўйишган. Сабаби ўрганилганда маълум бўлганки, маҳсулот солинган қутиларнинг ранги ўша миллий гуруҳ вакилларида ёмон ассоциацияни қўзғаган. Натижада одамлар ўша қутилаардаги маҳсулотни ейиш у ёқда турсин, қутиларга қўл теккизишни ҳам ҳоҳламаганлар. Маҳсулот бошқа рангга бўялган янги қутиларга жойлаштирилган маҳсулотни муваффақият билан сотишга эришилган.

Одамлар билан мулоқотга киришаётиб этник ва худудий хусусиятларни ҳисобга олмаслик гапираётган одамнинг ёш хусусиятларини ҳисобга олмаслик, жаргон хусусиятларини бехабар бўлиш фикр узативчи ва қабул қилувчи ўртасида тўсиқларни юзага келтиради. Иккита юрист ёки иккита врач ўзаро гаплашаётганликларини тушунмаслингиз аниқ.

Кўп йил олдин яқин бир дўстимизнинг таклифига биноан оиламиз билан уларникига вилоятга меҳмонга бордик. Бизни кутиб олган дўстимизнинг отаси ўйдаги ўғлига қараб “Ҳайда мимонни ” (меҳмонни)-деди. Биз ҳайрон бўлиб бир-биримизга қараб тургандик, бизни олдиндан меҳмонлар учун тайёрлаб қўйилган хонага таклиф этишди.

Биз сўздан мулоқот воситаси сифатида фойдаланар эканмиз, бу хабар кимга йўлланаётганлигини яхши билишимиз керак.

Баъзида жаҳли чиқиб турган одам билан, ёки зерикишдан хатто эснаб ўтирган одамлар гуруҳи билан гаплашишимизга тўғри келади. Биз мулоқотга киришишга интилаётган одамлар учун суҳбат предмети қизиқарли бўлиши керак.

Сиз суҳбатдошларингизни ҳақиқатда нима қизиқтиришни ҳис қилишингиз керак. агар улар сизнинг фикрингизча, ўзлари учун зарур маълумотларни олишини ҳоҳласангиз (айни пайтда биласизки, бу маълумотлар уларнинг қизиқишлари доирасига кирмайди), бу маълумотни уларни қизиқтирадиган шаклга келтиришингизга тўғри келади.

Хабарни ёзма шаклдами ёки, оғзаки шаклдами узатар эканмиз, биз албатта сўзлардан фойдаланамиз. Шундай экан, биз ўзимизга ҳам, мулоқотга киришаётган одамларимизга ҳам тушунарли бўлган сўзларни танлашимиз керак.  Биз суҳбатдошимиз сўзларини тўғри таҳлил қилишларини айтмоқчи бўлган нарсамиз тўғрисида ўзида нотўғри  тасаввур пайдо қилмасликларини назорат қилиб боришимиз керак. демак, биз ахборот узатиш жараёнидасуҳбатдошимизнинг биз узатадиган маълумотни “тушуниш” даражасини ҳам ҳисобга олишимиз керак.

“Уй” сўзи сиз учун ҳам, суҳбатдошингиз учун ҳам бир хил маъно касб этадими? Ким учундир уй сўзи кенг, шоҳона қурилган ҳовлини эслатса,ким учундир кўп қаватли уйдаги мўжазгина квартирани эслатиш мумкин. Эмоционал жиҳатдан ҳам худди шундай кимдадир уй сўзи ижобий эмоциялар, меҳр-муҳаббат ва гармония билан боғлиқ таассуратларни пайдо қилса, кимдадир, агар у болалигида уйида камбағалликдан бошқа нарсани кўрмаган бўлса, зўрға эсидан чиқарилган қамоқхонани эслатиш мумкин.

Нутқнинг аниқлиги мулоқотнинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.

Худди шундай ахборотни қабул қилувчи ёки қабул қилувчилар билан муносабатимиз ҳам йўллаган хабаримизни қабул қилишни ёки қабул қилинмаслигида муҳим рол уйнайди.

Одамлар одатда ўзининг қадриятлари ва эътиқодларига мос тушадиган ғояларга фикрларга ва бошқа маълумотларга жуда дўстона муносабатда бўладилар. Улар ҳар доим ўзларининг шахсий фикрлари ва қарорларини мустаҳкамлашга ёрдам берадиган маълумотларга интиладилар. Энди самарали мулоқотга эришиш йўлида учрашиш мумкин бўлган асосий тўсиқларга эътиборимизни қаратамиз: булар,

1.     Цензура-назорат қилиш

2.     Аниқ мақсаднинг йўқлиги

3.     Ўзингиз боғлиқ бўлган одамлар тўғрисида етарли тасаввурнинг йўқлиги

4.     Нутқ воситаларини нотўғри танлаш

5.     Ахборот билан ҳатти-ҳаракатнинг мос келмаслиги

6.     Ўз фикрларини ифодалай олмаслик

7.     Нотўғри безатиш

8.     Мулоқот каналини нотўғри танлаш

9.     Жалб этмайдиган жойлаштириш

10.                Тўғри келмайдиган вақтнинг танланганлиги

11.                Фойдали маълумотларнинг етишмаслиги

12.                Муваффақиятсиз бошлаш ва қабул қилувчини етарли баҳоламаслик

 

Цензура-назорат қилиш

Масофа, тил ва ақлий қобилиятлар каби тўсиқлар сизга бошқа одамлардан маълумот олишга ва бошқа одамларга сиздан маълумот олишга имкон бермаса табиий цензура-назорат қилиш мавжуд бўлади. Бу тусиқларнинг ҳар бири ўзингиз ёки сиз мулоқотга киришадиган одамлар оладиган таълим, билим ёрдамида бартараф этилиши мумкин. Қайсидир бошқа одамнинг узатаётган хабарини кимдир тўхтатишини ёки ўзгартиришини ҳоҳлаганда сунъий цензура-назорат қилиш пайдо бўлади. Шахслараро муносабатларда бу кимнингдир ҳатти-ҳаракатлари кимдир томондан назорат қилинган ҳолатда, одамларнинг диди бошқарилиб турилса, ёки кимнингдир сўзлари чекланиб турилса пайдо бўлади.

Аниқ мақсаднинг йўқлиги.

Сизнинг хабарингиз ёзма шаклда узатиладими, ҳатти ҳаракатлар ёрдамида ёки оғзаки узатиладими қатъий назар, уни узатишдан олдин сиз аниқ мақсадга эга бўилшингиз керак. узатаётган хабарингиз мақсади хулқ-атворингизнинг қандайдир жиҳатларини ўз ичига олиши мумкин, ишдаги муносабатларингиз, шахслараро муносабатларингизни ёки ушбу мақсадларнинг бир нечтаси ўз таркибига олиши мумкин. Мақсадингиз бутунлай оддий бўлиши мумкин. Масалан; бошқалар тўғрисида қайғураётганингизни намоён қилмоқчи бўлишингиз мумкин. Мақсадингиз умуман табиий бўлиши мумкин. Магистр даражангиз борлигини бошқаларга билдирмоқчидирсиз. Бу ерда муҳим нарса шуки, - агар мақсадингиз ўзингизга тушунарсиз бўлса, сизмулоқотга киришаётган одамлар ҳам уни тушунмаслиги мумкинлиги эҳтимоли юқори.

Ўзингиз боғлиқ бўлган одамлар тўғрисида тасаввурнинг етишмаслиги

Ўзингиз мулоқотга киришаётган одамларни сиз яхши билишингиз керак, ким билан боғлиқ эканингизни яхши тасаввур қилишингиз керак, акс ҳолда бу сизнинг мулоқотингиз учун катта тўсиқ бўлиши мумкин. Юборган хабарингизни қабул қиладиган одам шахси тўғрисида, унинг характери, нимани яхши  кўради-ю, нимани ёқтирмаслиги тўғрисида, унинг қизиқишлари, эҳтиёжлари, ҳоҳишлари, вазифалари тўғрисида қанчалик кам билсангиз, ўзингизни шунчалик нохўш ҳолатга тушуришингиз мумкин бўлади. Масалан: Қорақалпоғистонда (қорақалпоқ, қозоқларда) меҳмондан ўз авлодлари сулоласини сўраш одат ҳисобланади. Агар меҳмон ўзининг етти авлодини билса, айниқса улар орасида эътиборли одамлар ҳам бўлган бўлса мезбоннинг меҳмонга эътибори янада ортади. Лекин бу одат бошқа вилоятларда учрамайди. Хулоса: Сиз ўз хабарингизни тузишни, тартибга келтиришни ва жўнатишни бошлашдан олдин ким билан иш кўраётганлигингизни аниқлаб олинг.

Нутқ воситаларини нотўғри танлаш

Агар сиз иш кўраётган (боғлиқ бўлган) одамлар тўғрисида тўғри тасаввурга эга бўлсангиз-у, лекин нотўғри тасаввурга эга бўлсангиз-у, лекин нотўғри сўзлардан фойдалансангиз, фикрларни бошқача айтсангиз ёки ўз хабарингизни  узатишучун нотўғри ҳатти-ҳаракатларни амалга оширсангиз, билингки ютқазасиз.

Сиз ҳар доим ҳам тасаввур қила олмайсиз, деярли барча одамларга хос бўлган билмаган ҳолда  хунук хоталарга йўл қўйиш бошқа одам онгида сиз ҳоҳлаган эмас, балки умуман бошқача оброзни пайдо қилади.

Кунларнинг кунида мен, таълим муассасасининг раҳбари, мактаб директори ўринбосарлари гуруҳида психологиядан маъруза ўқиётган эдим. Дарсларим 2 та жуфлик соатга белгиланган бўлиб, уларнинг орасида 1 соатлик тушлик танаффуси бор эди. 1 жуфтлик соат дарсни якунлаб кабинетимга киришим биланоқ телефон жиринглади, узоқроқ гаплашишга тўғри келди. Бу вақт давомида хонамнинг эшигини битта аёл 2-3 марта очиб-ёпди. Танаффус тугаб, кейинги жуфтлик соатга ўша гуруҳга дарсга кирсам, бояги аёл (у киши гуруҳ сардори экан) менга қараб: “Домла ҳа деганда телефонда гаплашишдан тўхтайвермадингиз, мен дарсни танаффуссиз ўтиб, бизни эртароқ уйга қўйиб юборинг демоқчи эдим” –деди. Бу жумлани таҳлил қилинг ва шу тарзда гапириб суҳбатдошга қандай таъсир кўрсатишингиз мумкинлигини бир уйлаб кўринг.

Кўпчилик ҳолатларда биз ҳаётда янада мураккаброқ, шароитларга дуч келамиз, шунинг учун гапиришдан, ёзишдан ёки ҳаракат қилишдан олдин яхшилаб уйлаб кўриш керак. Бунга беписанд бўлманг!

Ахборот билан ҳатти-ҳаракатинг мос келмаслиги

Ўзингиз тўғрисида шакллантирган имижингиз сизнинг меҳрибонлигингизни, эътиборлилигингизни, сезгирлигингиз, очиқ юраклилигингиз тўғрисида гапираётган бўлса-ю, сиз бинодан чиқиб кучукчани тепсангиз ёки машинатурадиган жойдан чиқаётиб машинангиз билан бегонанинг машинасини туртиб ўтсангиз сизни хулқ-атворингизни кузатиб турганлар сизнинг имижингиз бераётган маълумотни ишонч билан қабул қилмайдилар. Сиз, албатта, буни онгли равишда қилмайсиз. Бундай зиддиятга онгсиз равишда ҳам йўл қўйманг. Бундан ўзингизни тўхтатинг

Ўз фикрларини ифодалай олмаслик.

Сўзларни эҳтиётлик билан танлангки, унинг мазмуни ёки унга киритилган мазмуний ранг нотўғри тушуниладиган бўлмасин. Агар танлаган сўзингиз жумланинг мазмуний кўринишини бузадиган бўлса сўзларни ёки жумлаларни алмаштиринг. Сизнинг олдингизда айтомқчи бўлган нарсангизни имкони борича аниқ ифодалаш вазифаси турибди. Бунинг ортидан эса аслида, узатаётган хабарингиз мўлжалланган одамлар билан мулоқотга киришиш ҳоҳишингиз, бошқа одамни ёки одамларни нимададир хафа қилмасликка, уларни хафа қилмаслик ёки жаҳлини чиқармасликка интилишингиз турибди.

Нотўғри безатиш

Агар сиз сўзларни, жумлаларни нотўғри кетма-кетликда танласангиз, агар ўз фикрларингизни мантиқий уйламасангиз ва ифодаламасангиз, бу маълум бир муаммоларни тўғдириши мумкин. Ўз фикрингизни қуруқ мақтовлар оқимида йўқолиб кетишга йўл қўйманг. Мазмуний урғуни керак эмас жойга қўйишдан қочинг. Ўз фикрларингизни шундай ифодалангки, уларни одамлар тушуниш осон бўлсин.

Мулоқот каналини нотўғри танлаш

Мулоқот жараёнида ўз хабарингизни узатиш учун танлайдиган ҳар бир восита ўзининг кучли ва кучсиз томонларига эга. Маълум бир шароитда маълум бир вақтда қайсидир бир канал бошқасидан устун бўлиши мумкин. Улардан қайси бири ўз хабарингизни узатиш учун самарали бўлишини фақат ўзингиз ҳал қилишингиз мумкин. Хабарни хат шаклида ифодалайсизми, ёки юзма-юз гаплашган маъқулми, буларни шароит ва вазиятлардан келиб чиқиб ўзингиз белгилайсиз.