Ўқитувчининг асосий вазифалари

 

         Мактаб Уставига амал қилади ва иш режасини бажаришга ўз вақтида бажаришга масъулдир.

   Тегишли фан бўйича юқори ғоявий, илмий ва услубий даражада ўқувчилар таълимини олиб боради. Ўқувчиларнинг мустақил ва чуқур билимлар эгаллашига эришади. Уларда  малака ва кўникмаларни шакллантиради, ўзлаштирилган билимларни ама-лиётга татбиқ этишга тайёрлайди.

   Ўқувчиларнинг мустақил ишларини ташкил этади ва назорат қилади. Тегишли фан бўйича ўқув материалларини ривожлантиради, ўқув  дастурининг бажарилишини таъминлайди, методик (услубий) ишларда иштирок этади.

   Ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади, энг самарали шакл ва услублар, янги педагогик технологияларни, таълим воситаларини татбиқ этади.

   Тегишли фан бўйича ўқув хоналарини жиҳозлаш режасини ишлаб чиқади, ҳозирги замон жиҳозлари билан тўлдириб боради.

   Ўқувчиларнинг маънавий-маърифий тарбиясини амалга оширадиСинфдан ташқари тарбиявий ишларни, факультатив машғулотларни   олиб боради, фани бўйича ва бошқа тўгаракларга раҳбарлик қилади.

Ўқувчилар ўзлаштиришини таҳлил қилади, улар томонидан ўқув интизомига риоя қилинишини таъминлайди.

Дарс жараёнида тегишли фандан қониқарсиз баҳо олган ёки ўзлаштирмаган ўқувчи билан дарсдан кейин индивидуал иш олиб боради.

Ўқувчиларнинг шахсий хусусиятларини ўрганади, уларнинг ота-оналари билан олиб бориладиган ишларда қатнашади.          

Шу билан бирга ўқитувчи:

ўқувчиларга  юмшоқ кўнгилли, очиқ чехрали, ширин сўзли, ўз фарзандидан ҳам ҳурмат-иззатда бўлиш;

  меҳр-мухаббат, қалб кўрини ўқувчиларга баб-бараввар бўлиб бериши, синфда дўстона муҳитни яратиш ва ўқувчиларнинг ўқув мотивларини ривожлантирувчи куч-рағбатлантириш методлари эканлигини англаши;

ўқувчиларнинг тақдири, бахти ва келажаги учун масъул эканлигини чуқур хис этиши, уларнинг нафсонияти ва қадрққимматини эъзозлаши;

ҳар қандай педагогик вазиятда ўқувчиларга қўполлик қилмасликхақорат қилиш ва бақириш, таҳдид ва қўрқитишдан ўзини тийиши зарур;

ўқувчиларни тушуна олиши, уларнинг ҳис-туйғуларини қадрлаши, ташвишлари, изтиробларини енгишга ёрдам беришиёшлик ва психологик ривожланишидаги ўзига хос хусусиятлари, қизиқишлари, эҳтиёжларини билиши;

ўқитувчининг юқори даражадаги мулоқот ва кийиниш маданияти, қаттиққўллиги, талабчанлиги, вазминлиги, камтарлиги, сезгирлиги, самимийлиги, зиёлилиги, одамшавандалиги, турмушга ва меҳнатга нисбатан меҳр-мухаббат, келажакка бўлган ишончи ва матонати ўқувчиларни мафтун этиши;

ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, баркамол шахс тимсолига айланиши, яъни ўқитувчи ўзининг ғоявий-сиёсий, маънавий-ахлоқий етуклиги, миллий ва умуминсоний қадриятларига ҳурмат ва она Ватанга садоқати, касбига ва ўқувчиларга бўлган меҳр-мухаббати билан шахсий намуна кўрсатиши керак.  

 

Умумтаълим мактабларида ўқув-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш бўйича тавсиялар

 

Мустақиллик йилларида юртбошимиз раҳнамолигида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини замон талаблари даражасига кўтариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

            Бунинг учун давлат умуммиллий дастурлари доирасида барча шароитлар яратилди. Жумладан 2004-2009 йилларда 8501 та мактаблар янгидан қурилди, реконструкция қилинди, мукаммал таъмирланди. Улар замонавий ўқув мебеллари, компьютер синфлари ҳамда лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланди.

Жорий йилда ҳам 45 та мактаб янги қурилди, 121 та мактаб реконструкция бўлди, 151 та мактаб капитал таъмирланди.

            Педагогларнинг ойлик маошлари ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда. Яхши, фидойи ўқитувчиларнинг меҳнатларини рағбатлантириш учун “Директор жамғарма”лари фаолияти юритилмоқда.

            Бугунги кунда илм-фан, техника ва ишлаб чиқариш соҳаларининг тез суръатларда жадаллик билан ривожланиши таълим тизими ходимларидан таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтаришни талаб этиб, ҳар бир тизим ходими, айниқса ўқитувчилар зиммасига янада юксак масъулият ва вазифаларни юклайди.

            Таълим-тарбия тизимининг бугунги кундаги асосий вазифаси ўқувчиларни Ватанимизни севадиган, ўз билими ва истеъдодига суянадиган ҳамда мустақил равишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда билим оладиган қилиб тарбиялашдан иборат. Мазкур вазифалар самарали дарслар орқали амалга оширилади.

I.       “ДАРС – МУҚАДДАС” тадбирини амалга ошириш:

1. 1. Ўқитувчининг дарсга пухта тайёргарлиги таълимнинг муваффақиятли ва самарали бўлишининг гаровидир.

Дарс - бу синфда аниқ мақсадларни кўзлаб, белгиланган вақт оралиғида ўқитувчи раҳбарлигида ўқувчилор учун ўқув-тарбия жараёнининг ташкил этилишидир.

Шундай экан, ҳар бир ўқитувчи дарсга тайёрланмасдан туриб киришга виждони йўл қўймаслиги, тайёрланмасдан (дарс ишланмасисиз) кирган дарсига эса иш ҳақи олмаслигини билиши лозим.

Ўқитувчининг дарсга тайёргарлиги шартли равишда иккига бўлинади:

1.      Ўқитувчининг ўз фани юзасидан умумий тайёргарлиги;

2.      Ўқитувчининг ҳар бир дарсга кундалик тайёргарлиги.

            Ўқитувчининг умумий тайёргарлиги мунтазам амалга ошадиган жараён бўлиб, ўқув йили бошланиши олдидан қуйидагиларни қамраб олади:

-   Давлат таълим стандарти, ўқув дастури, ўқув режа ҳамда уларга берилган тушунтириш хатларини ўрганиб чиқиш;

-   фанига оид янги илмий ва методик адабиётларнинг мазмуни билан танишиш;

-   тегишли кўргазма материалларини ўқув-жиҳозларини ўрганиш, уларни қўллай билиш;

-   илғор ўқитувчиларнинг иш тажрибаларини ўрганиш, таҳлил қилиш орқали билимини кенгайтириш кабилардир.

Дарсга тайёргарликнинг энг асосийси бу ўқитувчининг ҳар бир дарсга кундалик тайёргарлигидир.

Дарсга тайёргарлик кўриш қуйидаги босқичларда амалга оширилиши лозим:

1-босқич: Тақвим-мавзу режадаги янги мавзу ва унга ажратилган вақт (соат) аниқлаштириб олинади.

 

Ўқитувчининг тақвим-мавзу режасининг намунавий шакли

 

Т.р

Мавзулар

Мавзуга ажратилган дарс соати

Дарс ўтиладиган сана (Дарс жадвали бўйича санаб ёзилади )

Изоҳ

1.

 

 

 

 

2.

 

 

 

 

3.

 

 

 

 

 

2-босқич: ДТС ва ўқув дастуридан ўқитилаётган мавзу қандай тушунчалар (билим, кўникма ва малакалар) шакллантирилиши лозимлиги аниқлаштириб, шу асосда дарс мақсадларида белгилаб олинади.

3-босқич: Мавзу асосида дарсда фойдаланиладиган техник воситалар, кўргазмали ва дидактик материаллар, адабиётлар ўрганиб чиқилади ҳамда дарс ишланмаси (конспекти) ёзилади.

1. 2. Дарс ишланмаси (конспект)нинг таркибий қисмлари қуйидагилардан иборат:

Сана, синф (параллел синфлар учун битта мавзу бўйича алоҳида-алоҳида дарс ишланмаси (конспект)ни ёзиш шарт эмас, битта мавзуга битта дарс ишланмаси ёзилса кифоя. 5-а, б-синфларда деб кўрсатилади), фан номи ёзилади.

Дарснинг мавзуси (тақвим-мавзу режа асосида).

Дарс мақсади (дарсга қўйилган мақсад 45 дақиқа давомида бажариладиган (эришиладиган, аниқ ҳаётий (реал) ва дарс якунида баҳоланадиган (ўлчамли) бўлиши мақсадга мувофиқ):

а) Таълимий мақсаддарс жараёнида ўқувчиларда шакллантириладиган билим, кўникма ва малакалар асосида белгиланади;

б) Тарбиявий мақсаддарс жараёнида ўқувчиларда қайси ахлоқий сифатлар шакллантирилиши асосида белгиланади;

с) Ривожлантирувчи мақсаддарс натижасида ўқувчиларда қайси билимлар ва ахлоқий фазилатлар ривожлантирилиши асосида белгиланади.

Дарс тури: (қуйидагича бўлиши мумкин: янги тушунча, билимларни шакллантирувчи; ўқувчиларнинг билим кўникма ва малакаларини ривожлантирувчи; умумлаштирувчи; ўқувчилар эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини таҳлил назорат қилувчи дарслар).

Дарсда фойдаланиладиган турли хил методлар (анъанавий, замонавий, интерфаол кабилар)дан энг яхшиси бу ўтилаётган мавзунинг ўқувчилар томонидан самарали ўзлаштирилишига ҳизмат қиладигани.

Дарсда фойдаланиладиган жиҳозлар (техник воситалар, кўргазмали ва дидактик материаллар).

Дарсни таркибан қуйидаги қисмларга ажратиш мумкин:

Ташкилий қисм;

Ўтилган мавзуни такрорлаш (мустаҳкамлаш);

Янги мавзуни тушунтириш;

Янги мавзуни мустаҳкамлаш;

Ўқувчиларни баҳолаш;

Уйга вазифа бериш.

Дарс ишланмасини тайёрлашда ўқитувчи дарснинг ҳар бир қисмини эътиборга олиши мақсадга мувофиқ.

Дарс ишланмаси (конспект) ҳамма ўқитувчида бўлиши  шарт. Лекин дарс ишланмаси қандай ҳажмда, неча варақдан иборат бўлиши ўқитувчининг махоратига боғлиқ. Бунда ҳамма ўқитувчи учун бир хил чегара, чекланиш ўрнатиб бўлмайди.

Агар ўқитувчи дарс бераётган ўқувчиларнинг ўзлаштириш самарадорлиги юқори бўлса, ўқувчилари турли кўрик-танловларда юқори натижаларга эришган бўлса, ўқитувчининг дарс жараёнига мактаб маъмурияти ва ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари ходимлари томонидан халақит беришларига йўл қўйилмайди.

Дарс ишланмаси (конспект) қўл ёзма ва компьютерда ёзилиши ҳам мумкин. Дарс ишланмасини компьютерда ёзишнинг энг муҳим ягона шарти, шу ўқитувчининг ўзи компьютерда ишлашни билиши лозим.

Директорнинг ўқув тарбиявий ишлари бўйича ўринбосари хар бир ўқитувчининг дарс ишланмасини кўриб, тасдиқлаш жараёнида ўқитувчилардан дарсга кириш учун қуйидаги энг минимум ҳужжатлар бўлишини назорат қилади:

-         дарс ишланмаси (конспект)

-         тақвим-мавзу режа

-         ўқув дастури

-         дарслик.

1.      3. Ўқитувчиларни ўз устларида мустақил ишлашлари, ижодий изланишлари орқали таълим самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган омиллардан бири бу мунтазам равишда ўқитувчиларнинг дарсларини таҳлил қилишдир.

Ўқитувчи дарсини кузатиш ва таҳлил қилиш, уларнинг педагогик маҳорати, иш тизими, ўқувчиларнинг ўзлаштириши, билим даражаси каби соҳавий ва касбий лаёқати юзасидан хулоса чиқариш ҳамда ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмашиш имконини беради.

Дарс таҳлили кузатиш, ўрганиш шаклида олиб борилади.

Халқ таълими муассасаларида фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман(шаҳар) бўлими мудирлари, ўринбосарлари, методистлари томонидан ҳафтасига камида 2 соат, таълим муассасалари директорлари, уларнинг ўринбосарлари томонидан 4 соат, фан методбирлашма раҳбари томонидан 2 соат, ўқитувчилари томонидан 1 соат ўқитувчилар дарслари кузатилиши ва таҳлил қилиниши талаб этилади.

Дарс кузатиш ва таҳлил қилиш орқали ўқувчиларнинг умумий тайёргарлиги, билим олишдаги фаолликлари, фанга бўлган қизиқишлари, ўқув материаллари ва жиҳозлар билан мустақил ишлай билишлари, ўқитувчига бўлган муносабатлари аниқланиб, дарс таҳлил қилинади. Бунда асосий мезонлар сифатида ўқитувчи томонидан дарс мақсадининг тўғри қўйилганлиги, ўқув дастури асосида дарс жараёнини тўғри режалаштириши, материалларни билиш даражаси, янги мавзуни тушунтириш жараёнида асосий ғояни ажратиб олиши, илмийлик, кўргазмалилик тамойилларига риоя қилиши, дарсда ҳамкорликка эриша олиши, билим ва кўникмаларни ўзлаштиришни назорат этиши, дарс мобайнида вақтдан унумли фойдаланиши ва педагогик муомала маданиятини эгаллаганлик даражаси каби жиҳатлар инобатга олинади.

Сифатли дарс ўқувчилар томонидан самарали ўзлаштирилган дарс.

Дарс бошлангандан кейин ҳеч кимнинг ушбу жараёнга ҳалақит беришига йўл қўйилмайди.

Дарснинг таҳлили қуйидаги турларга бўлинади:

1.      Илмий таҳлил; 2. Психологик таҳлил; 3. Методик таҳлил; 4. Дидактик таҳлил; 5. Умумпедагогик таҳлил ва бошқа таҳлиллар (ёки буларнинг ҳаммасини қамраб оладиган комплекс таҳлил).

Ўқитувчиларнинг дарсларини тизимли таҳлил қилиш амалиётининг жорий этилиши ўқитувчиларга амалий-методик тавсиялар берган ҳолда дарсларни самарадорлигини ошишига ёрдам беради.

            Таълим муассасаларидаги фан методбирлашмаларининг асосий вазифаси ўзаро тажриба алмашиш асосида таълим ва тарбия жараёнини илғор педагогик технологиялар асосида самарали ташкил этилишини таъминлашдан иборат.

            Фан методбирлашмалари таълим муассасаларида фан ойликлари, очиқ дарслар фестиваллари жараёнида ўтказиладиган барча турдаги очиқ дарсларни асосан ўрганилиши қийин ёки мураккаб бўлган мавзулар асосида ташкил этилишини таъминлайди.

            Ҳар бир фан йўналишидаги методбирлашмаларда “Мен ўзлаштирилиши қийин бўлган мавзулар бўйича дарсларни қандай ташкил этаман” мавзусидаги очиқ муҳокамалар ташкил этилади.

II.              Синфда таълим сифатларини оширишга таъсир қилувчи омиллардан бири сифатида “Тенгдошлар” тизими жорий этилади.

Маънавий-марифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, синф раҳбарлари, фан ўқитувчилари бу тизимни жорий этишдан олдин ўқувчиларга  “Тенгдошлар” сўзининг маъносини тушунтиради, айниқса “Тенг” сўзига эътибор қаратади.

            Синф ўқувчиларининг умумий билим савиясини ошириш учун билими ва ўзлаштириш қобилияти юқори бўлган ўқувчиларга мавзуларни ўзлаштиришда қийналадиган синфдошлари бириктирилади.

            Бунда ўқувчиларнинг уй вазифаларини бажаришларида, мураккаб (тушунмаган) мавзуларни ўзлаштиришларида бир-бирларига кўмаклашишлари мақсадида яшаш манзиллари бир-бирига яқин бўлган ўқувчиларни бир-бирларига бириктириш ва синфда битта партага ўтқазиш мақсадга мувофиқдир.

Натижада айрим фанларни ўзлаштиришга қийналадиган ўқувчининг фанга бўлган муносабати яхшиланишига, билимининг ошишига эришилади, синфдошлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва бир-бирига ҳурматнинг ривожланишига олиб келади.

            Ҳар бир ўқувчининг шахсий хусусиятлари, қобилиятларини инобатга олган ҳолда уларга таълим-тарбия бериш жараёнини самарали ташкил этиш лозим. Жумладан, ўқувчиларда мактаб ёшидан бошлаб ўз-ўзини бошқариш кўникмаларини шакллантириш орқали синфда ижобий муҳитни яратиш учун “Тартиб посбони” тизими жорий этилади.

Маънавий-марифий ишлар бўйича директор ўринбосари, синф раҳбари синфдаги шўх, жисмонан бақувват, дарс жараёнига халақит берадиган, етакчи(лидер)лик қобилияти юқори бўлган ўқувчи билан таъсирчан тушунтириш ишларини олиб бориб, улар “Тартиб посбони” этиб тайинланади.

Бунда ўқитувчи ўқитишнинг интерфаол усулларидан фойдаланган ҳолда ўқувчиларни биргаликда билим олишга йўналтиради ҳамда “Тартиб посбони” вазифасига тайинланган ўқувчиларнинг масъулиятлари юқори эканлигини таъкидлаб, мактаб маъмурияти, синф раҳбарлари ва ўқитувчилар уларга катта ишонч билдирганлигини тушунтириб руҳлантиради.

            Энг муҳими бу тавсиялар ҳисоботбозлик учун эмас, ўқув жараёнини тўғри ташкил этиш учун, таълим сифатини ошириш учун ишлаб чиқилган. Педагогик жамоалар ижодий ёндашган ҳолда бу тавсиялар асосида оддий ва таъсирчан методларни ишлаб чиқишлари мумкин.

            Ҳар бир ўқитувчи унинг энг биринчи асосий вазифаси сифатли дарс ўтиш, яхши тарбия бериш эканлигини, дарснинг муқаддаслигини масъулият билан англаши лозим.

  

   

         

      Умумтаълим мактабларида ўқув-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш

 

бўйича тавсиялар билан танишдим  _______      _____________________________фани

                                                                   (имзо)

 

ўқитувчиси________________________________