Халқ таълими вазирлигининг 2012 йил

7 июндаги  177-сонли буйруғи билан

тасдиқланган                   

 

 

МАКТАБНИНГ ИЧКИ ТАРТИБ ҚОИДАЛАРИ

 

   I.УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

Бугунги кунда ёш авлодга замонавий таълим бериш билан бирга уларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, онги ва қалбини мафкуравий, маънавий ва ахборот таҳдидларидан ҳимоя қилиш, уларда ғоявий иммунитетни шакллантириш масалалари олдимиздаги энг долзарб ва асосий вазифа сифатида қолмоқда.

Биз яшаб турган ХХI асрда ахборот-коммуникацион технологияларини  ҳаётимизга шиддат билан кириб келмоқда ва унга ўз таъсирини тобора кенгроқ кўрсатмоқда.

Миллий менталитетимиз, дунёқараш ва тафаккуримиз, фазилат ва хусусиятларимиз, энг муҳими эзгу ва олийжаноб мақсадларимизга мутлақо ёт бўлган ғоялар, қарашлар, сунъий “Қадрият ва анъана”ларни турли йўллар билан жорий этишга уринишларни, бир сўз билан айтганда, маънавий таҳдид элементларидан фарзандларимизни асраш керак.

 

II. МАКТАБ МАЪМУРИЯТИ ВА ПЕДАГОГИК ЖАМОАСИНИНГ ҲУҚУҚ ВА БУРЧЛАРИ

2.1. Таълим-тарбия сифатини ошириш мақсадида ўқитишнинг илғор педагогик технологияларини танлаш ва амалиётга татбиқ қилиш.

2.2. Ўқувчиларнинг таълим олиши учун етарли шарт-шароитларни яратиш, ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш, таълим мазмуни ва сифатини яхшилаш.

2.3. Ўқувчиларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, миллий ғояга садоқат, юксак инсоний фазилатлар, инсонпарварлик, ватанпарварлик ва халқпарварлик руҳида, жамиятда эътироф этилган ахлоқ тамойиллари ва меъёрларига мос тарбиялаш, уларнинг онги ва қалбини маънавий, ғоявий ва ахборот таҳдидларидан ишончли ҳимоя қилиш, диний ақидапарастлик ва миссионерлик ҳаракатлари таъсирига тушиб қолишдан сақлаш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, кашандалик, ичкиликбозлик каби салбий иллатлар, юқумли касалликлар профилактикаси билан боғлиқ амалий ишларни олиб бориш.

2.4. Ота-оналарни мактаб “Устави”, ўқув-тарбия жараёнини тартибга солувчи соҳавий, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ички тартиб-қоидалар билан таништириш ҳамда ўзаро шартнома тузиш.

Шунингдек, ота-оналар ва мактаб маъмурияти ўртасида тузилган шартнома шартларини тўлиқ бажарилишини талаб этиш.

2.5. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳамда маҳалла билан ҳамкорликни кучайтириш.

2.6. Ўқитувчи ва ўқувчилардан мактаб “Устави”да белгиланган тартибга тўлиқ риоя қилиш, тасдиқланган машғулотлар жадвали асосида ишга ва дарсга ўз вақтида келиш, ижодий ёндошган ҳолда иш кунидан ва дарс жараёнидан унумли фойдаланиш, маъмурият томонидан берилган топшириқларни муддатида бажаришни талаб қилиш.

2.7. Ўқувчиларнинг давоматини мунтазам назорат қилиб бориш, уларнинг машғулотларга тўлиқ қатнашишини таъминлаш чораларини кўриш.

2.8. Ота-оналардан фарзандини таълим муассасасига дарсликлар ва ўқув-қуроллари ҳамда мактаб “Устави”да белгиланган ўқувчилар формасида келишини талаб қилиш.

2.9. Ўқувчиларнинг таълим муассасасида мобил телефон, интернетдан фойдаланишларини назорат қилиш ва тартибга солиш, уларга мобил телефонидан фойдаланиш маданиятини тарбиявий соатларда сингдириш, ота-оналар йиғилишларида мобил телефонлардан фойдаланиш маданияти ҳақида тушунчалар бериш ва уларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш.

2.10. Педагогик кенгаш қарори билан Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини ўзлаштирмаган ўқувчиларни синфда қолдириш. (Мактабга ўқишдан бўйин товлаб, сабабсиз келмайдиган ўқувчилар инобатга олинган)

2.11. Синф раҳбарларининг ўқувчилар ва ота-оналар билан яқин алоқасини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг хонадонларга доимий ташрифларини уюштириш.

Шунингдек, ўқувчилар ҳуқуқини муҳофаза қилиш, тарбияси оғир ўқувчилар ва нотинч оила фарзандлари билан якка тартибда тарбиявий ишларни ташкил этиш.

2.12. Уйда якка тартибда таълим олувчи ўқувчилар учун уларнинг ота-оналари билан ҳамкорликда барча шароитларни яратиш, ўқув қуроллари ва дарсликлар билан таъминлаш ҳамда дарс машғулотини тегишли ўқитувчилар томонидан ўтилиши таъминлаш.

2.13. Белгиланган муддатда тиббий кўрикдан ҳамда синфлардаги ўзини-ўзи бошқариш органи вакиллари томонидан биринчи дарсдан олдин ўқувчиларни тозалик  кўригидан ўтишларини назорат қилиш.

2.14. Дарс жараёнида, танаффус вақтида ва таълим муассасаси ҳудудида юрганда бир-бирига ўзаро ҳурматда бўлишни талаб этиш.

2.15. Ўқув йили давомида ўқувчилар учун мактаб ошхонаси ва буфетларнинг мунтазам ишлашини таъминлаш.

2.16. Мактаб кутубхонасига ўқувчиларни жалб қилиб, уларни ижарадаги дарсликлар ва қўшимча бадиий адабиётлар билан етарли миқдорда таъминлаш ҳамда ўқувчилар томонидан йўқотилган ёки яроқсиз холатга келтирилган дарсликларни ўрнатилган тартибда ундириш.

2.17. “Васийлик кенгаши”нинг самарали иш юритиши учун шарт-шароит яратиш, ҳамкорлик фаолиятини мустаҳкамлаш ҳамда мақсадсиз пул йиғимларига чек қўйиш.

2.18. Ўқувчилар билимидаги бўшлиқларни аниқлаш, ўқитувчилар томонидан аниқланган бўшлиқларни якка ва гуруҳ тартибида, мустақил ишлаш орқали тўлдирилишини таъминлаш. (Ўқитувчи розилиги билан)

2.19. Таълим муассасасида ички назоратни йўлга қўйиш, ўқувчиларнинг ўзлаштириш самарадорлиги ва хулқини кузатиб, таҳлил қилиб бориш. (Мониторинг олиб бориш)

2.20. Иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш, уларнинг қобилиятларини ривожлантириш, фан олимпиадалари ва турли кўрик-танловларда иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратиш.

2.21. Ўқувчиларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида фан ва қизиқишлари бўйича тўгараклар, спорт секциялари ҳамда куни узайтирилган гуруҳлар фаолиятини самарали ташкил қилиш.

Шунингдек, мактабдан ташқари таълим муассасалари билан ҳамкорлик фаолиятини тизимли ташкил этиш.

2.22. Техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, мактаб мулкини сақлаш, коммунал хизматдан мақсадли фойдаланиш ҳақида тушунчалар бериш ва уларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш.

2.23. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги Қонуни талабларига зид равишда мактаблар ҳудудида ёки атрофида тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларга оид рекламалар ўрнатилишига йўл қўймаслик, бошқа ташкилотлар томонидан ўрнатилган ҳолларда маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқ – тартибот идораларига расман мурожаат қилиб, олдириб ташлаш чораларини кўриш.

2.24. Мактаб ёки яқин ҳудудларда ўқувчи – ёшларнинг маънавий – ахлоқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган, ахлоқсизлик ва зўравонликни тарғиб этувчи, паст савиядаги “оммавий маданият” элементлари акс этган тасвирлар мавжуд бўлган нашр-матбаа маҳсулотлари (плакатлар, китоблар, рисолалар, буклетлар, дафтарлар, ён дафтарлар, расм дафтарлари ва бошқа) сотилишига ва тарқатилишига йўл қўймаслик.

2.25. Мактаб ошхонаси (буфет) ёки яқин атрофдаги умумий овқатланиш шаҳобчаларида таркибида ўқувчиларнинг соғлиги ва физиологик ривожланишига зарарли таъсир кўрсатадиган қўшимчалар ва моддалар бўлган озиқ – овқат махсулотлари (гамбургер, чизбургер, турли қўлбола ичимликлар ва бошқа)ни сотиш ҳудудий Давлат санитария эпидемиология бўлимлари ҳамда манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалдаги қонун ҳужжатларига асосан чеклаш.

2.26. Ўқув йили давомида намунали ҳулқи ва эришган билимдаги ютуқлари учун ўқувчиларни рағбатлантириш. (Ота-онасининг иш жойига, турар жойидаги маҳалла қўмитасига миннатдорчилик хатини юбориш, эрталабки сафланишларда фаҳрий ёрлиқ ёки илиқ сўз билан алоҳида эътибор кўрсатиш)

Шунингдек, мактаб ички тартиб қоидаларини бузганлиги учун интизомий чоралар кўриш. (Ота-онасининг иш жойига, турар жойидаги маҳалла қўмитасига салбий холат юзасидан хат юбориш, эрталабки сафланишларда алоҳида кўрсатиб ўтиш)

2.27. Юқори натижаларга эришган ўз вазифасига виждонан ёндошган ўқитувчиларни мактаб маъмурияти томонидан мукофотлаш ёки моддий рағбатлантириш.

III. ЎҚУВЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА БУРЧЛАРИ, УЛАРГА БЕЛГИЛАНГАН ТАЛАБЛАР

3.1. Мактаб ўқувчиси ҳуқуқ доирасида ўз инсоний қадр-қимматларини ҳурмат қилиши, виждон ва ахборот эркинлигини ҳис қилиши, ўз қарашлари ва эътиқодларини эркин ифода этиши ҳамда таълим муассасасини бошқарув ишида қатнашиш  ҳуқуқига эга.

3.2. Мактаб “Устави”да белгиланган тартибга тўлиқ риоя қилиш, тасдиқланган машғулотлар жадвали асосида дарсга ўз вақтида келиш, уйга берилган вазифаларни бажариш, ижодий ёндошган холда дарс жараёнидан унумли фойдаланиш, мактаб маъмурияти ва синф раҳбарлари томонидан берилган топшириқларни муддатида бажариш.

3.3. Давлат рамзларини қадрлаш ва ҳурмат қилиш.

3.4. Мактаб “Устави”да белгиланган ўқувчилар формасида келишни таъминлаш. Жумладан қуйидагилар талаб этилади:

-ўқувчиларнинг кийим боши тоза ва озода бўлиши;

-ўқувчи қизларнинг сочлари текис турмакланган, калта юбка ва олди  ҳаддан ташқари очиқ кўйлак киймаслик, таълим муассасаси ҳудудида бош кийимсиз ва пардозсиз  юриш;

 -ўғил болаларнинг сочлари текисланган, мактабга шортик ва майкада, «замонавий мода» деб тиззаси йиртилган шим, ғарбнинг жангари филъм қаҳрамонлари акс эттирилган кийимларда келмаслик.

3.5. Мактабга ўқув-қуроллари, дарс жадвалида белгиланган ўқув дарсликлари билан келишни таъминлаш. Жумладан қуйидагилар талаб этилади.:

-ўқувчилар учун мўлжалланган папка билан келиши;

-кундалик дафтарини бўлиши;

-дарсга тўлиқ ўқув дарсликлари билан қатнашиш;

-маънавиятга зид ҳамда сифатсиз дафтарлардан фойдаланмаслик.

3.6. Мактабда мобил телефонлардан фойдаланиш  маданияти ҳақида тушунчаларга эга бўлиши ва бу борадаги тартибга тўлиқ риоя қилиш талаб этилади. Жумладан:

  -мактабга мобил телефони билан келиш ҳуқуқига эга, бунда мобил телефон «Овозсиз режим»да бўлиши шарт;

-мобил телефон ўқувчиларнинг дарсдан чалғитувчи восита эканлигини инобатга олиб, дарс машғулотлари ва тадбирларда мобил телефонни ўчириб қўйиш;

-мактабга киришдан олдин, катта танаффус ва танаффусларда ота-оналари, васийлари ёки яқинлари билан таълим муассасасига етиб келганлиги, ўзининг хавфсизлиги ва саломатлиги тўғрисида, охирги дарсдан кейин (ёки маълум сабабларга кўра аввалроқ)  таълим муассасасидан кетаётганлиги тўғрисида хабар бериш учунгина мобил телефондан фойдаланиш;

- таълим муассасаларида имтиҳонлар, маданий тадбирлар пайтида, ахборот-ресурс марказлари, ўқув заллари, умумий фойдаланиш ва овқатланиш жойларида мобил телефондан фойдаланмаслик;

         - дарс вақтида мобил телефон ёрдамида сўзлашиш, қисқа ҳабарлар алмашиш, ўйин ўйнаш, Интернет сайтларига кириш, мусиқа тинглаш ва бошқа мақсадларда фойдаланмаслик;

         - мобил телефон орқали сўзлашганда бошқаларни ҳақорат қилиш ва атрофдагиларнинг нафсониятига тегувчи сўзларни ишлатмаслик;

         - мобил телефон орқали мактабга инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, маънавий бузуқликнинг турли кўринишлари, порнография, алкоголизм, ичкиликбозлиқ, кашандалик каби иллатларни тарғиб этувчи, жамиятда умумэътироф этилган аҳлоқий қадриятларга зид бўлган, ўқувчиларнинг жисмоний ва маънавий камолотига зарар келтирувчи, шунингдек, диний ва миллий низолар келтириб чиқарувчи, диний ақидапарастлик ва миссионерлик билан боғлиқ ҳар қандай кўринишдаги маълумотларни олиб кирмаслик ва тарқатилишига йўл қўймаслик;

         - мобил телефон орқали ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари ва ижтимоий мавқеига мос бўлмаган, уларнинг хавфсизлиги тўлиқ кафолатланмаган хизматлари, жумладан, SMS–танишув хизматларидан фойдаланмаслик;

         - мактабда мобил телефоннинг ўта баланд овозга созланиши, уларга мазмунида ўқувчининг ёши ва ижтимоий мавқеига мос бўлмаган, маънавий-ахлоқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи мусиқа (рингтон)ларни ўрнатмаслик, эшитмаслик ва тарқатмаслик;

- мобил телефонни безатишда ўқувчининг ёши ва ижтимоий мавқеига мос бўлмаган, маънавий-ахлоқий тарбияга салбий таъсир кўрсатувчи тасвирлар (Wallpaper ёки «Заставка»), безаклар, символлар, қўғирчоқ ва бошқа шу кабилардан фойдаланмаслик.

3.7. Мактабда мобил телефондан фойдаланиш таълим-тарбия жараёни самарадорлиги, хавфсизлигини таъминлаш, ўқувчиларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топиши, ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр қимматини муҳофаза қилиш мақсадларида, ҳуқуқ ва бурчларнинг, эркинлик ва масъулиятининг тенглиги нуқтаи назаридан чекланиши мумкин.

Шунингдек, мактабда мобил телефондан фойдаланиш талабларини бузган ўқувчи икки мартагача раҳбарият, раҳбар ўринбосарлари ва педагоглар томонидан тегишли тартибда огоҳлантирилади.

Талаблар учинчи марта ёки иккинчи марта ўта қўпол тарзда бузилган ҳолатда педагоглар ташаббуси билан 2 нафар педагог (бири синф раҳбари бўлиши мақсадга мувофиқ) ва 2 нафар ўқувчи гувоҳлигида мобил телефон ўқувчидан олиб қўйилади, ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки яқинлари иштирокида муҳокама қилиниб, чора кўрилгандан сўнг қайтариб берилади.

3.8. Интернет тармоғидан фақат билим олиш мақсадида тўғри фойдаланиш, ёвуз ва бузғунчи ғоялар тарғиб этилувчи ўйинлар, сайтлар ва хабарлар таъсиридан ҳимояланиш, бу борада интернетдан фақатгина «ZiyoNet» таълим тармоғи орқали фойдаланиш.

3.9. Ҳафта давомида мактабнинг ҳаёти билан боғлиқ ташкилий ва оммавий тадбирларда, хусусан жума-маънавият кунлари маданий тадбирларда фаол иштирок этиш.

3.10. Жисмоний тарбия дарс машғулотлари куни спорт  залларига  махсус  спорт  формаси  ва  оёқ кийимларида иштирок этиш. (Махсус формасиз келган ўқувчилар машғулотга қўйилмайди ва ўша куни ўқувчи сабабсиз дарсга иштирок этмади деб ҳисобланади)

3.11. Мактабга қурол-яроғ, портловчи моддалар, тез аланга олувчи нарсалар, спиртли ичимликлар, наркотик ва тамаки маҳсулотлари, заҳарли моддалар олиб келинмайди.

Шунингдек, мактабга гугурт, ўткир қиррали нарсалар, газли балончалар, қуроллар ва ўйин карталари олиб киришлари рухсат этилмайди.

3.12. Дарс машғулотлари давомида мактабдан чиқиб кетиш, дарсга келмаганлиги ва кейинги дарсга кириш учун рухсатни синф раҳбари ва мактаб маъмуриятининг кўрсатмаси билан амалга оширилиши тартибига риоя қилиш. (Агар ўқувчи машғулотга келмаса, бунинг сабабларини исботловчи ҳужжатлар: тиббий маълумотнома ёки ота-онасининг аризаси синф раҳбарига тақдим этилиши лозим)

3.13. Мактаб ички тартиб қоидасини бузган ўқувчиларга қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланиши белгиланган. Жумладан:

-кундалигига танбеҳ ёзиш;

-мактаб буйруғи билан «Ҳайфсан» эълон қилиш;

-бошқа синфга кўчириш;

-вақтинчалик синфдан ташқари тадбирларда иштирок этишини таъқиқлаш;

-синф жамоаси орасида муҳокама этиш;

-ота-онасининг иш жойига ва маҳалла оқсоқоли номига хат юбориш.

3.14. Мактаб ҳаётида фаол иштироки, ҳулқи ва одоби, билимида эришган ютуқлари учун рағбатлантирилади. Жумладан:

-мактаб буйруғи билан ташаккурнома эълон қилиш;

-мактабнинг «Фахрий китоби»га киритиш;

-«Фахрий ёрлиқ» билан тақдирлаш;

-қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан мукофотлаш;

-мактаб радиоузели орқали эълон қилиш;

-ота-онасининг иш жойига ва маҳалла оқсоқоли номига хат юбориш.

 

IV. ОТА-ОНАЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА БУРЧЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 4.1. Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, Оила кодекси, Мактаб “Устави”, мактаб маъмурияти ва ота-оналар ўртасида тузилган шартномага ҳамда амалдаги тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талабларга қатъий амал қилиш.

4.2.“Васийлик кенгаши”, ота-оналар қўмитаси фаолиятида иштирок этиш, мактаб маъмурияти ва синф раҳбарлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш.

4.3. Мактабга тасдиқланган машғулотлар жадвали асосида фарзандининг ўз вақтида машғулотларга тўлиқ дарсликлар ва ўқув-қуроллари билан келишини таъминлаш.

4.4. Фарзандини давоматини мунтазам назорат қилиб бориш, унинг машғулотларга тўлиқ қатнашишини таъминлаш чораларини кўриш, унинг ўзлаштириш самарадорлиги ва хулқини кузатиб, таҳлил қилиб бориш.

4.5. Фарзандини мактаб “Устави”да белгиланган ўқувчилар формасида келишини таъминлаш.

4.6. Миллий маънавиятимизга, “Таълим тўғрисида”ги Қонун,  “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” талабларига жавоб берадиган ёзув (шу жумладан кундалик, расм) дафтарларида бериладиган фан, адабиёт, санъат соҳасига ҳисса қўшган улуғ алломалар, олимлар портретлари, афоризм даражасига кўтарилган ҳикматли сўзлар мазмун-моҳиятига сингдирилган ўқув қуроллари ва бошқа ўқув анжомлари билан таъминлаш.

4.7. Фарзандининг мактабда мобил телефондан фойдаланишларини назорат қилиш ва тартибга солиш, уларга жамоат жойи ва мактабда мобил телефонлардан фойдаланиш маданияти ҳақида тушунчалар бериш ва уларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш.

4.8. Фарзандинг онгини интернет орқали кириб келаётган ғоявий таҳдид ва паст савияли «Оммавий маданият»нинг зарарли таъсирларидан ҳимоялаш, бу борада шахсий компьютер ва телефон орқали интернетга киришини фақатгина «ZiyoNet» таълим тармоғи орқали амалга оширишини тушунтириш ва назорат қилиш.

4.9. Фарзанди соғлиғини назорат қилиш борасида белгиланган муддатда тиббий кўрикдан ўтказиш. 

4.10. Фарзандининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш юзасидан мактабда ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида ташкил этилган қизиқишлари бўйича тўгараклар, спорт секциялари ва куни узайтирилган гуруҳларда мунтазам қатнашишини  таъминлаш.

4.11. Ўқитувчилар томонидан фарзанди билимидаги аниқланган бўшлиқларни тўлдириш мақсадида якка ва гуруҳ тартибида, мустақил ишлаши учун барча шароитни яратиш ва назорат қилиш.

4.12. Турли спорт ва фан олимпиадалари, кўрик-танловларда иштирок этишини тўлиқ таъминлаш ва яқиндан ёрдам бериш.

4.13. Ижарага берилган дарсликларни фарзанди томонидан авайлаб-асрашни назорат қилиш, дарсликлар ижараси  учун маблағларни ўз вақтида тўлаш.

4.14. Мактаб биноси, ўқув-лаборатория ва бошқа жиҳозларига фарзанди томонидан моддий зарар етказилган ҳолларда (нобуд қилиш, синдириш, бузиш, чизиш, яроқсиз ҳолга келтириш ва ҳ.к) ўрнатилган  тартибда зарарни қоплаш.

         4.15. Мактабда ўтказиладиган “Очиқ эшиклар куни”, “Оталар мажлиси” ва “Ота-оналар мажлиси”да ҳамда бошқа оммавий тадбирларни ташкил этишда фаол иштирок этиш.

         4.16. Фарзандини турли салбий оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш, жиноятчилик ва қонунбузарликдан асраш ва соғлом турмуш тарзини шахсий намунаси орқали сингдириш. Жумладан:

-ойда бир марта бадиий китоб ўқиш;

-битта спорт тури билан шуғулланиш;

-ойда бир марта оилавий маданият масканларига ташриф буюриш.

         4.17. Фарзандини намунали ҳулқи ва эришган билимдаги ютуқлари учун рағбатлантириш.

Шунингдек, мактаб ички тартиб қоидаларини бузганлиги учун тарбиявий чоралар кўриш.

V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

Таълим муассасалари ёш авлодни етук, маънавий бой, баркамол, комил инсон бўлиб ривожланишида асосий пойдевор вазифасини ўтар экан, бу борада ўқувчиларнинг ташқи қиёфаси, билим даражаси, ҳулқ-атвори  бекаму кўст бўлиши таълим-тарбия жараёнига ижобий таъсир кўрсатади.

Бу борада, таълим-тарбия жараёнида раҳбар, раҳбар ўринбосари, синф раҳбари ва ота-оналарнинг ўзаро ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари ўз самарасини бермоқда.

Бугунги кунда эса маънавият масалалари давлатимиз раҳбарининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли китоби дунё юзини кўриши билан давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Демак, энди олдинги ҳолатда ишлаб бўлмайди. Барча даражадаги ишларимиз шунга мос бўлиши шартдир. Шу маънода ушбу соҳадаги фаолиятизимни, хусусан тизимдаги маънавий-маърифий тарбия жараёнини ҳам функционал, ҳам концептуал-назарий, ҳам амалий-ташкилий жиҳатдан ушбу талаблар нуқтаи назаридан туриб яна бир бор чуқур таҳлил қилишимиз, баҳолашимиз ва янги босқичга олиб чиқишимиз зарур.

Жумладан, ҳар бир таълим муассасасида соғлом ижтимоий-психологик, ижодий ва маънавий муҳитнинг барқарор бўлишига эришиш, таълим ва тарбия жараёнига салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай ҳолатларни келиб чиқиш сабаблари ва оқибатларини ота-она-ўқувчи-педагогик жамоа биргаликда муҳокама қилиш ва уларга барҳам бериш;

Таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлиги, самарасини аниқлаш ҳамда педагогик жамоанинг маънавий-маърифий фаолиятига баҳо бериш мақсадида сўровномалар ўтказиш, натижаларини биргаликда муҳокама қилиш;

Маънавий – маърифий ишлар бўйича алоҳида ютуқларга эришган ўқувчи, ота-она ва педагог ходимларни маънавий ва моддий рағбатлантириш, ўзаро тажриба алмашинувини кучайтириш.

Маънавий – маърифий ишларнинг методик таъминотини яхшилаш, таълим муассасаларини миллий ғоя тарғиботи ва маънавий – маърифий ишларни ташкил этиш бўйича замонавий адабиётлар, методик қўлланмалар ва тавсиялар билан таъминлаш, бу борада ҳамкорликни кучайтириш;

Ўқувчиларда ахборот олиш ва тарқатиш маданиятини шакллантириш. Ўқувчини ахборотни қайси манбадан олишидан қатъий назар тўғри талқин қилишга ўргатишимиз лозим. Унга ҳар қандай салбий мазмундаги ахборотни қиёслаши, тўғрини нотўғридан, оқни қорадан ажратиши учун муқобил ахборотни ўз вақтида бериш;

Тарбиявий соатлар мавзуларининг энг долзарб масалаларга бағишланиши, қуруқ панд-насиҳатдан кўра кўпроқ, уларда тарбияга таъсир этувчи салбий  иллатларнинг асл моҳиятини  таҳлиллар, қиёслаш ва ҳаётий мисоллар ёрдамида, зарур бўлса мутахассислар иштирокида очиб бериш;

Ўқувчиларда кийиниш маданиятини шакллантириш, интернет ва уяли  алоқа воситаларидан тўғри фойдаланишга ўргатиш, «Оммавий маданият» элементлари (хорижий эстрада юлдузлари, бадиий асарлар, кино ва мулътфильмлар қаҳрамонлари, «эмо» ёки «готлар» каби суб-маданиятлар вакиллари, татуаж, пирсинг ва бошқа.)га кўр-кўрона тақлид қилишининг олдини олиш.

Ушбу мактабнинг ички тартиб қоидалари билан барча ўқувчилар, ўқитувчилар жамоаси ва ота-оналарга таништирилиб, мактабнинг фойесига осиб қўйилади.